Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистондаги катта амалдорнинг имзосини қалбакилаштириб, йирик миқдордаги фирибгарлик ва бошқа жиноятларни содир этган шахс аниқланди. У Интерпол орқали қидирувга берилган.
Гумонланувчи чет эллик инвесторнинг қарийб 200 миллиард сўмлик активларга эга жамиятдаги 50 фоизлик улушини сохта шартнома орқали ўз номига расмийлаштириб олгани маълум бўлган. Жабридийда инвестор томонидан берилган шикоят юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИБ аввалига жиноят таркиби йўқлиги ҳақида қарор чиқарган, бироқ кейинчалик ушбу қарор бекор қилинган.
Манбанинг хабар беришича, қидирувда бўлган ушбу шахс сохта ҳужжатлар тузиш орқали хорижий инвесторнинг 100 миллиард сўмга тенг улушини эгаллаб олган. Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБга мурожаат қилинганда, масъуллар "аризачи чақирувга келмагани сабабли жиноят таркиби аниқланмади" деган важ билан ишни ёпган.
Инвестор вакили Тошкент шаҳар прокурори Ўрманов ҳамда шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Мирсодиқов қабулида бўлиб, фирибгарлик бўйича рад этиб бўлмас далилларни тақдим этгач, рад этиш ҳақидаги асоссиз қарор бекор қилинган.
Шунга қарамай, қарор бекор қилинганидан бери бир ҳафта вақт ўтган бўлса-да, ҳолат юзасидан ҳалигача жиноят иши қўзғатилмаган. Жамоатчилик ва инвестор вакиллари мутасадди идоралардан ушбу ишни ўз назоратига олишини сўрамоқда.
Аввалроқ Фарғона вилояти Қўштепа туманида фермер хўжалиги раҳбари ер майдонини ноқонуний сотиш ва ҳужжатларни сохталаштириб бериш эвазига катта миқдордаги маблағни ўзлаштирмоқчи бўлган вақтида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинганди. Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир натижасида ер билан боғлиқ навбатдаги фирибгарлик ҳолатига чек қўйилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас