Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодиров Ўзбекистонда ўлим жазосини қайтариш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Наманган вилояти Учқўрғон туманидаги боғчада 5 ёшли қизчанинг ходим томонидан жинсий тажовузга учраши ортидан жамиятда ушбу олий жазо чорасини қайтариш бўйича муҳокамалар қайта авж олди.
Мазкур мудҳиш воқеага муносабат билдирган Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева бу каби жиноятлар учун жазони имкон қадар кучайтириш бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар тайёрланаётганини ва шахсан ўзи бундай жиноятчиларга нисбатан ўлим жазоси қўлланиши керак деган фикрда эканини билдирган.
"Амалдаги қонунчиликда ўлим жазоси назарда тутилмагани сабабли, жавобгарликни имкон қадар кучайтириш мақсадида қонунчиликка ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар тайёрлаяпмиз", — деган эди Саида Мирзиёева.
Алишер Қодиров эса оғир жиноятчиларни жамиятдан умрбод изоляция қилиш ва уларни халқ ҳисобидан боқиш нотўғри эканини таъкидлаб, ўлим жазосини тиклашни зарурат деб атаган. Унинг фикрича, қамоқхоналар рецидивистларни тарбиялай олмайди, хавфли жиноятчиларнинг тирик қолиши эса келажакдаги янги жиноятлар учун мотивация бўлиб хизмат қилади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда ўлим жазоси 2008 йил 1 январдан эътиборан тўлиқ бекор қилинган. 2023 йилда умумхалк референдуми орқали қабул қилинган янги Конституциянинг 25-моддасида "Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси ман этилади" деб аниқ белгилаб қўйилган. Шу сабабли, ушбу жазо турини қайтариш учун мамлакат Асосий қонунига такроран ўзгартириш киритиш талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, юқоридаги ҳолат юзасидан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ишчи гуруҳ тузганди. Ҳодисага алоқадор ва хизмат вазифасига масъулиятсиз ёндашган ходимлар фаолияти ўрганилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас