Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасига қўшилган қийматни ошириш орқали креатив иқтисодиёт ҳажмини яқин йилларда 145 триллион сўмга етказиш стратегик мақсад сифатида белгиланди. Президент Шавкат Мирзиёев соҳани ривожлантириш ва миллий маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш бўйича қатор вазифаларни белгилаб берди.
Креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди, хусусан, Креатив индустрия парки резидентлари учун алоҳида солиқ режимининг жорий этилиши ижодкорлар учун қулай муҳит яратмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ва Нукус шаҳрида йирик креатив парклар қурилиши жадал олиб борилмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойида ишга туширилиши кўзда тутилган Тошкентдаги Замонавий санъат маркази ёшларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
Миллий маҳсулотларимизга замонавий дизайн элементларини сингдириш мақсадида ҳунармандларни халқаро кўргазмаларга фаол жалб этиш зарурлиги таъкидланган. Бу борада Евроосиё, Америка, Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларида нуфузли дизайнерлар билан ҳамкорликда кўргазмалар сонини кўпайтириш бўйича махсус дастур ишлаб чиқилади. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, бугунги кунда маданият ва санъат халқларни бир-бирига боғловчи мустаҳкам кўприк вазифасини ўтамоқда.
Наманганда ўтказилган ва 1,5 миллион нафар сайёҳни жалб қилган "Гуллар фестивали"нинг "Гиннеснинг рекордлар китоби"га киритилгани юртимиздаги маданий тадбирларнинг юқори салоҳиятидан далолат беради. Ушбу муваффақиятли тажрибадан келиб чиқиб, мутасаддиларга ҳар бир ҳудудда йил давомида халқаро аҳамиятга молик шу каби йирик тадбирларни ташкил этиш бўйича аниқ дастурларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш топширилган.

Изоҳлар мавжуд емас