Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) Эрон ҳудудидаги бир қатор ҳарбий объектларга навбатдаги ҳаво зарбаларини берганини маълум қилди. Вашингтон мазкур амалиётни "мудофаа характеридаги жавоб чораси" деб атаб, Эрон томонидан халқаро сувлар устида Американинг MQ-1 русумли дрони уриб туширилганига жавоб эканини билдирди.
Операция давомида Эроннинг Горук ҳудуди ва Кешм оролида жойлашган радиолокация тизимлари, дронларни бошқариш пунктлари, ҳаво мудофааси воситалари ҳамда иккита ҳарбий дрон йўқ қилинган.
Бунга жавобан, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ўз навбатида Кешм оролига ҳужум қилингани учун АҚШ ҳарбий базасига қарши жавоб зарбаси берганини эълон қилган. Вазиятнинг кескинлашувига олиб келган воқеалар силсиласи ҳақида аввалроқ Bloomberg агентлиги ҳам маълумот берган эди:
Эрон Кувайтдаги АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари фойдаланадиган "Али Ал-Салем" авиабазасига ракета ҳужуми уюштирган. Ракета ҳавода йўқ қилинган бўлса-да, унинг парчалари база ҳудудига тушиши натижасида иккита MQ-9 Reaper дрони шикастланган.
Сўнгги ҳафталарда АҚШ ва Эрон ўртасида ўзаро зарбалар бир неча бор кузатилганига қарамай, расмий томонлар дипломатик жиҳатдан "сулҳ сақланиб қолаётганини" таъкидлашда давом этмоқда ва ўт очишни тўхтатиш режими бузилганини расман тан олишмаяпти.
Бундан олдин ҳам ҳар икки давлат бир-бирига зарбалар берганди.

Изоҳлар мавжуд емас