Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Мамлакатимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ижод аҳлининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда ёш иқтидорларни рағбатлантириш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар дастури амалга оширилади.
Янги тизимга кўра, эндиликда ҳар йили 21 та ижодий уюшманинг фаолияти сарҳисоб қилинадиган "Миллий ижодкорлар қурултойи" ўтказилади. Мазкур тадбир доирасида йил давомида энг юқори натижаларга эришган, асарлари халқ орасида эътироф этилган ҳамда халқаро саҳналарда муваффақият қозонган санъаткорлар, ёзувчи ва драматурглар муносиб тақдирланади.
Жумладан, танлаб олинган ижодкорларга йил давомида ҳар ойда 5 миллион сўм миқдорида қалам ҳақи тўланади, уларга республика бўйлаб жамоат транспортидан бепул фойдаланиш ҳамда ихтисослашган тиббиёт марказларида давлат ҳисобидан даволаниш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, улар учун махсус маҳорат мактаблари ва ижод уйлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Агар ижодкор навбатдаги йилда ҳам ижодий фаолиятини изчил давом эттириб, янги ютуқларга эришса, ушбу имтиёзларни сақлаб қолиши мумкин. Яратган асари 50 минг нусхадан зиёд чоп этилган, ижод маҳсули театр ва кинода саҳналаштирилган, шеърлари "хит" қўшиққа айланган шоир, ёзувчи ва драматурглар тақдирланади.
Ёш авлод вакилларини қўллаб-қувватлаш борасида эса 1-сентябрдан бошлаб янги рағбатлантириш механизмлари ишга туширилади. Хусусан, республика танловлари ғолибларига 100 миллион сўмгача, нуфузли халқаро мусобақалар совриндорларига эса 300 миллион сўмгача мукофот пули берилади, уларнинг иштирок этиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Шу билан бирга, ёшларни тарбиялаган устоз ва мураббийларнинг ойлик маошига 100 фоизгача устама белгилаш кўзда тутилган. Бундай имтиёзлар хусусий ижодий гуруҳларга ҳам татбиқ этилади.
Бундан ташқари, ёшларни хориждаги нуфузли таълим муассасаларида ўқитиш кўлами кенгайтирилиб, ҳар йили 100 нафар иқтидор эгаси давлат ҳисобидан хорижда билим олади. Ижодий лойиҳаларни молиялаштириш ва продюсерлик йўналишини ривожлантириш учун "Ижодга инвестиция" жамғармаси ташкил этилиб, унга йилига 200 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Изоҳлар мавжуд емас