Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан бўлиб ўтаётган учрашувида соҳани янада ривожлантириш ва ижодкорларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди.
Учрашувда ашула ва рақс ансамбллари фаолиятини рағбатлантириш мақсадида жорий йилнинг 1-сентябридан бошлаб улардаги барча ходимларнинг иш ҳақи икки карра оширилиши маълум қилинган. Шунингдек, рақс усталари учун муҳим ўзгаришлар белгиланган: уларга пенсияга чиқиш учун талаб этиладиган ижодий стаж 20 йилдан 15 йилгача қисқартирилган. Қолган 5 йил давомида уларнинг балетмейстер, репетитор ёки педагог сифатида фаолият юритишига рухсат этилган.
Инфраструктурани яхшилаш мақсадида Янги Тошкентда барпо этилаётган Мақом маркази ёнида замонавий ва муҳташам Рақс саройини қуриш таклиф қилинган. Мутасаддиларга рақс санъатини ривожлантириш бўйича кенг қамровли дастур ишлаб чиқиш топширилган.
Композитор ва бастакорларнинг ижтимоий-моддий таъминоти тизими ҳам тубдан қайта кўриб чиқилмоқда. Эндиликда уларга опера ва симфония каби мумтоз ҳамда замонавий жанрларда ҳар йили камида 20 та янги асар яратиш учун давлат буюртмаси бериб борилади.
Бундан ташқари, миллий маданиятни оммалаштириш ва аҳолининг кайфиятини кўтариш мақсадида аэропорт, вокзал, метро бекатлари, истироҳат боғлари, савдо мажмуалари ҳамда умумий овқатланиш шохобчаларида миллий куй ва қўшиқлар доимий равишда жаранглаб туриши кераклиги алоҳида таъкидланган.

Изоҳлар мавжуд емас