Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 284,3 миллион долларни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 95,6 миллион долларга ёки тахминан 50,7 фоизга кўпроқдир.
Гарчи Тожикистоннинг Ўзбекистон умумий ташқи савдо айланмасидаги ( 26,3 миллиард доллар) улуши ҳозирча 1,1 фоиз атрофида бўлса-да, жорий йил бошидан кузатилаётган динамика икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик сезиларли даражада тезлашганидан далолат беради. Томонлар жорий йилнинг март ойида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш ниятида эканликларини маълум қилган эдилар.
Икки мамлакат ўртасидаги товарлар оқими анъанавий равишда муҳим энергетика ва саноат маҳсулотларига асосланади: Ўзбекистондан Тожикистонга табиий газ, нефть маҳсулотлари, электр энергияси, ўғитлар, металл маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва маиший техника экспорт қилинади.

Тожикистондан эса Ўзбекистонга рух ва мис рудалари, концентратлар, электр энергияси, кўмир, алюминий профиллари, пахта толаси ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинади.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда Ўзбекистондан экспорт қилинган энг асосий товарлар қаторида табиий газ (45,57 миллион доллар) ва ўрта дистиллятлар (35,56 миллион доллар) етакчилик қилган. Ўз навбатида, Тожикистондан Ўзбекистонга киритилган энг йирик импорт маҳсулотлари сифатида рух рудалари ва концентратлари (75,13 миллион доллар) ҳамда электр энергияси (36,31 миллион доллар) қайд этилган.

Изоҳлар мавжуд емас