Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Президент раислигидаги йиғилишда яширин иқтисодиётга қарши курашишнинг янги методологияси тасдиқланди ва инвестиция лойиҳаларининг самарадорлиги бўйича қатъий талаблар қўйилди.
Давлат раҳбарининг маълум қилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 40 фоиздан, Андижон, Фарғона ва Бухорода эса 30 фоиздан ошган. Бухоро вилояти мисолида ўтказилган таҳлиллар фаолиятини тўхтатган деб кўрсатилган 900 дан ортиқ корхона амалда катта миқдорда энергия ресурсларидан фойдаланиб келаётганини кўрсатган.
Юк ташиш соҳасидаги норасмий фаолият сабабли 40 миллиард сўмлик солиқ тушуми бой берилган. Уй-жой нархини пасайтириб кўрсатиш оқибатида 1,8 триллион сўмлик пул айланмаси яширилган. "Тўхтаган" корхоналар 1,3 миллион кВт-соат электр ва 480 минг куб метр газ ишлатгани аниқланган.
Тадбирда билдирилишича, инвестиция сифатини баҳолаш мақсадида барча соҳалар базаларига интеграция қилинган махсус платформа ишга туширилган. Ушбу тизим 39 та кўрсаткич бўйича таҳлил ўтказмоқда. Натижада охирги уч йилда ишга тушган 688 та корхонадан 210 таси тўлиқ қувватда ишламаётгани маълум бўлган. Бунинг оқибатида 33 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмаган, 23 минг иш ўрни яратилмаган.
Ҳокимларнинг инвестиция бўйича ўринбосарларига муаммоли корхоналарни "оёққа турғизиш" бўйича "йўл харитаси"ни ишлаб чиқиш топширилган. Биринчи ярим йиллик якунига қадар ижобий натижа кўрсатмаган раҳбарларнинг лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилади. Эндиликда яширин иқтисодиётга қарши кураш туманбай тизим асосида, янги методология бўйича ташкил этилади.

Изоҳлар мавжуд емас