Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Миллий статистика қўмитасининг жорий йил апрель ойига оид маълумотларига кўра, Ўзбекистон Хитойга табиий газ экспорти ҳажмини сезиларли даражада оширди. Йил бошидаги танаффусдан сўнг, экспорт кўрсаткичлари март ойидаги 29,4 миллион доллардан апрель ойида 92,7 миллион долларга етди. Январь-апрель ойларида жами экспорт қилинган газ қиймати 129,4 миллион долларни ташкил этган.
Ўзбекистон Россия ва Туркманистондан газ импортини оширишда давом этмоқда. Жорий йилнинг тўрт ойида мамлакатга 508,3 миллион долларлик табиий газ келтирилган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 53,6 фоизга кўпдир.
Ўзбекистон расмий статистикаси ва Хитой Бош божхона бошқармаси маълумотлари ўртасида сезиларли фарқ кузатилмоқда. Хусусан, хитойлик экспертлар тўрт ой давомида Ўзбекистондан 46 миллион долларлик газ қабул қилинганини билдирган бўлса, Ўзбекистон томони бу кўрсаткични 129,4 миллион доллар деб қайд этган. Икки манба ўртасидаги фарқ 83 миллион доллардан ошади.
Хитойнинг газ импорти бозорида Россия (3 миллиард доллар) ва Туркманистон (2,59 миллиард доллар) етакчи етказиб берувчилар ҳисобланади. Улардан кейинги ўринларни Мьянма ва Қозоғистон эгаллаган. Ўзбекистон эса ўз импорти ва экспорти ҳажмини ички талаб ҳамда ташқи бозордаги имкониятлардан келиб чиқиб мувозанатлаштиришга интилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас