Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 18 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон ва Ироқ ўртасида Қўшма бизнес кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ироқ савдо вазири Мустафо Низор Жума бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов, Ўзбекистоннинг Қувайтдаги элчиси Аюбхон Юнусов, Ироқ савдо вазири Мустафо Низор Жума ва Ироқ иқтисодий кенгаши президенти Иброҳим Мадлул Овадий Масъудий қатнашган.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада кенгайтириш имкониятларини муҳокама қилди. Электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва озиқ-овқат саноати устувор йўналишлар сифатида белгиланган.
Музокараларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда икки мамлакат хусусий секторлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Таъкидланишича, янги Бизнес кенгаши Ўзбекистон ва Ироқ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни институционал асосда ривожлантириш, тадбиркорлар ўртасида мунтазам мулоқот ва янги шерикликларни йўлга қўйишга хизмат қилади.

Изоҳлар мавжуд емас