Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси соҳадаги субъектлар фаолиятини масофадан назорат қилиш имконини берувчи ISAT ахборот тизимини ишга туширди. 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида алкоголь ва тамаки маҳсулотларидан ундирилган акциз солиғи қарийб 3 триллион сўмни ташкил этди.
Тизимга Адлия, Солиқ, Божхона, Кадастр, "Асл белгиси" ва бошқа ташкилотларнинг ахборот ресурслари интеграция қилинган. Ҳозирда 53 та ишлаб чиқарувчининг электрон ҳисоблагичлари, 44 та корхонанинг видеокузатув ускуналари ва 167 та спирт ташувчи транспорт воситасининг GPS-трекерларидан реал вақт режимида маълумотлар олинмоқда.
Шунингдек, ISAT тизимига сунъий интеллект асосида ишлайдиган "Хавфни таҳлил қилиш" дастури жорий этилди. У хом ашё, энергия сарфи ва транспорт ҳаракатини автоматик таҳлил қилиб, эҳтимолий хавфларни барвақт аниқлаш имконини беради.
Биринчи ярим йилликда 2,9 триллион сўмлик акциз тушуми таъминланди. Унинг 1,2 триллион сўми алкоголь, 1,7 триллион сўми тамаки маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 12,6 фоизга ёки 321 миллиард сўмга кўп.
Шу даврда тамаки маҳсулотларининг хуфёна айланмадаги улуши 24 фоиздан 7 фоизгача қисқарди. Алкоголь маҳсулотлари экспорти 15 фоизга ошиб, 6,9 миллион долларга, тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми эса 6 фоизга ошиб, 6,4 миллиард донага етди.
Бундан ташқари, 240 та корхонага етказилган 1,2 миллион декалитр этил спиртидан мақсадли фойдаланиш ҳолати жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Инспекция ярим йил давомида соҳага оид 380 та ҳуқуқий тарғибот тадбири ҳам ўтказди.
Эслатиб ўтамиз, Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бозорини тартибга солиш инспекциясининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ишга туширилган.

Изоҳлар мавжуд емас