Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, уларни қайта ишлаш ҳамда қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаришга қаратилган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Унга кўра, 2026–2027 йилларда мамлакатимизнинг 6 та ҳудудида маиший чиқиндиларни ёқиш эвазига электр энергияси олувчи замонавий заводларни барпо этиш белгиланган.
Хитой компаниялари билан ҳамкорликда Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида амалга оширилаётган мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 933 миллион долларни ташкил этади.
Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, ушбу йўналишда 286,8 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 76,6 миллион долларлик маҳаллий маҳсулот ва хизматлар харид қилинган ҳамда қурилиш ишларига 2 минг нафар маҳаллий ишчи жалб этилган. Қашқадарё ва Самарқанддаги корхоналар 2026 йилда, қолган вилоятлардаги қувватлар эса 2027 йилда фойдаланишга топширилади.
Заводлар тўлиқ ишга тушгач, йилига 3,6 миллион тонна қаттиқ маиший чиқинди қайта ишланиб, 1,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Бундан ташқари, тақдимотда Сингапур, Жанубий Корея ва Хитой инвесторлари иштирокида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Сурхондарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларида амалга оширилиши режалаштирилган умумий қиймати 625 миллион долларлик яна 5 та янги лойиҳа кўриб чиқилган. Ушбу қувватлар йилига 1,9 миллион тонна чиқиндини қайта ишлаб, 635 миллион киловатт-соат электр энергияси бериш имконига эга бўлади ва 500 та янги иш ўрни яратади.
Ушбу лойиҳаларнинг барчаси амалга оширилиши натижасида йилига 158 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилиниб, атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари 316 минг тоннага камаяди. Давлат раҳбари соҳага инновацияларни жалб этиш ва малакали кадрлар тайёрлаш зарурлигини таъкидлаб, Green University, Самарқанд ва Қарши давлат университетлари билан ҳамкорликда 1 минг нафар мутахассисдан иборат кадрлар захирасини шакллантириш бўйича топшириқ берган.

Изоҳлар мавжуд емас