Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жорий йилнинг 16–17 сентябрь кунлари Жанубий Кореяда Марказий Осиёнинг беш давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирокида юқори даражадаги саммит бўлиб ўтади. Сеулда ташкил этиладиган мазкур олий даражадаги учрашувга Жанубий Корея президенти Ли Же Мён мезбонлик қилади.
Олий даражадаги анжуман кун тартибидан савдо-иқтисодий алоқалар, инвестициялар, энергетика, муҳим фойдали қазилмаларни ўзлаштириш ва таъминот занжирлари барқарорлигини таъминлаш соҳаларидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Саммит олдидан, 14–16 сентябрь кунлари Жанубий Корея раҳбари Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарлари билан алоҳида икки томонлама музокаралар ҳам ўтказади.
Хусусан, Ўзбекистон ва Жанубий Корея яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини икки баробарга оширишга интилмоқда. Бунинг учун мамлакатлар қўшма ишчи гуруҳ тузишни, савдо тўсиқларини олиб ташлашни ва компаниялар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Президент Ли Же Мённинг таъкидлашича, ушбу саммит Жанубий Корея ва Марказий Осиё минтақаси ўртасидаги муносабатларни давлат раҳбарлари даражасидаги мунтазам кўп томонлама ҳамкорлик тизимига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этади. Сеул ушбу ташаббус орқали Марказий Осиё билан стратегик ва иқтисодий шерикликни янада мустаҳкамлашни, шунингдек, энергетика ва инфратузилма соҳаларидаги қўшма лойиҳалар кўламини кенгайтиришни мақсад қилган.

Изоҳлар мавжуд емас