Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича икки идора рақамлари 2,4 миллиард киловатт соатга фарқ қилди. Қайси бири рост?
Иқтисод

Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича икки идора рақамлари 2,4 миллиард киловатт соатга фарқ қилди. Қайси бири рост?

32

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.   2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми бўйича Миллий статистика қўмитаси ва Энергетика вазирлиги турлича маълумот берди. Статистика қўмитаси 67,16 миллиард киловатт соатни кўрсатган бўлса, вазирлик ҳисоботида бу рақам 69,6 миллиард киловатт соатни ташкил этган. Batafsil.uz мухбири изоҳ олиш учун Энергетика вазирлигига мурожаат қилди ва кўрсаткичлар ўртасидаги тафовутнинг эҳтимолий сабабини аниқлади.

Икки идора келтирган маълумотлар ўртасидаги тафовут қарийб 2,44 миллиард киловатт соатга тенг. Бу масалага иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам эътибор қаратиб, идоралардан рақамлар ўртасидаги фарққа изоҳ бериш зарурлигини таъкидлаган.

Дастлаб тафовут идоралар ҳисоб-китобида электр энергияси ишлаб чиқарувчиларнинг турли тоифалари қамраб олингани билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилган. Хусусан, Энергетика вазирлиги кичик қуёш қурилмалари ва блок-станциялар ишлаб чиқарган электр энергияси ҳақида ҳам алоҳида маълумот беради.

Batafsil.uz сўровига жавобан Энергетика вазирлиги матбуот хизмати Статистика қўмитаси бинолар томларига ўрнатилган кичик қувватли Rooftop қуёш станциялари ишлаб чиқарган электр энергиясини ҳисобга олмаган бўлиши мумкинлигини билдирди.

Вазирлик маълумотига кўра, бундай қуёш қурилмалари 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида 2,5 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарган.

Бу рақам 20 октябрь куни Энергетика вазирлиги ўтказган брифингда ҳам келтирилган. Ўшанда идора кичик қувватли қуёш панеллари 2025 йил давомида 2 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида бу кўрсаткич 2,5 миллиард киловатт соатга етганини маълум қилган.

Кичик қуёш станциялари ишлаб чиқарган электр энергияси ҳажми икки идора рақамлари ўртасидаги 2,44 миллиард киловатт соатлик фарққа деярли тенг.

Бироқ Энергетика вазирлиги буни тафовутнинг эҳтимолий сабаби сифатида келтирган. Демак, ҳозирча икки идора ҳисоботлари ўртасидаги фарқнинг айнан шу омил билан боғлиқлиги расман тасдиқлангани йўқ.

Масалага аниқлик киритиш учун электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича ҳисоб-китобларда қайси манбалар ва ишлаб чиқарувчилар қамраб олингани, кичик қуёш станциялари маълумотлари ҳар икки идора статистикасида қандай акс эттирилганини тушунтириш муҳим.

Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...