Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Марказий банки Open bank акциядорлик жамиятига исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун мамлакатдаги биринчи лицензияни берди. Қарор 2026 йил 23 октябрда қабул қилинган бўлиб, лицензия исломий молия операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини беради.
Марказий банк маълум қилишича, лицензия регулятор бошқарувининг 28/1-сонли қарори асосида берилган. Унга 1-И рақами берилган бўлиб, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонуннинг 5¹-моддасида назарда тутилган исломий молия операцияларини қамраб олади.
Исломий банк фаолиятини ташкил этиш ва лицензиялаш тартиби 2026 йил 20 июлдан кучга кирган ҳужжат билан белгиланган. Ушбу тартиб янги исломий банклар ташкил этиш, шунингдек, анъанавий банкларда исломий молия хизматларини кўрсатувчи махсус бўлинмалар — "исломий дарчалар" очиш учун ҳуқуқий асос яратди.
Янги талабларга кўра, исломий банк фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларда камида уч нафар аъзодан иборат исломий молия кенгаши, тегишли малакага эга раҳбар ходим ҳамда исломий молия стандартларига мувофиқлик сиёсати бўлиши шарт.
Марказий банк фуқароларга банк хизматларидан фойдаланишдан олдин молия муассасасининг тегишли лицензияси борлигини регуляторнинг расмий веб-сайти орқали текширишни тавсия қилган.
Эслатиб ўтамиз, Ислом молиясини мувофиқлаштириш кенгаши олдинроқ Iman Invest компанияси билан ҳамкорликни тўлиқ тўхтатганини маълум қилганди. Кенгаш текширув натижаларига кўра, компанияда инвесторлар маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ шубҳали операциялар ва қоидабузарликлар аниқланганини билдирган. Компания раҳбарияти эса айбловларни рад этиб, мустақил шаръий аудит бошланганини маълум қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас