Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона шаҳридаги 2-, 7- ва 47-сонли мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари орасида касалланиш ҳолатлари кузатилди. 2026 йил 26 октябрь соат 11:00 ҳолатига кўра, 28 нафар бола вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда, яна 23 нафар болага уйда даволаниш учун рухсат берилган.
Болалар тана ҳарорати кўтарилиши, қорин оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби аломатлар билан шифохонага мурожаат қилган. Расмий маълумотга кўра, шифохонада даволанаётган беморларнинг умумий аҳволи барқарор, оғир аҳволдаги болалар йўқ. Уйда даволанишга рухсат берилган болаларнинг аҳволи эса қониқарли деб баҳоланган.
Ҳозирда касалланиш сабабларини аниқлаш учун эпидемиологик суриштирув ва лаборатория текширувлари олиб борилмоқда. Дастлабки ўрганиш жараёнида болалар истеъмол қилган нонушта, тушлик ва оралиқ овқатлар, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берувчилар ҳақидаги маълумотлар текширилган.
Боғчалардаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр таомлардан бактериологик таҳлил учун намуналар олинган. Ҳозирча болаларнинг касалланишига нима сабаб бўлгани ҳақида якуний хулоса эълон қилинмаган.
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни ҳам Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги 51-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 22 нафар юқори синф (10–11-синф) ўқувчилари ҳаво орқали кимёвий воситадан заҳарланиш аломатлари (кўнгил айниши ва бош оғриғи) билан туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинганди.

Изоҳлар мавжуд емас