Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон 2026 йилнинг январь–август ойларида 34,5 миллиард долларлик маҳсулот ва хизматлар импорт қилди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, импортнинг энг катта қисми — 11,3 миллиард доллари машина ва транспорт ускуналари ҳиссасига тўғри келган.
Ҳисобот даврида машина ва транспорт ускуналари импортининг умумий ҳажмдаги улуши 32,6 фоизни ташкил этган. Бу мамлакатга олиб кирилган ҳар 100 долларлик товар ва хизматнинг қарийб 33 доллари ушбу тоифага тўғри келишини англатади.
Импорт таркибидаги бошқа йирик йўналишлар саноат товарлари — 5,1 миллиард доллар, хизматлар — 4,6 миллиард доллар ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар — 4,2 миллиард доллар бўлган.
Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар импорти 3,7 миллиард доллар, минерал ёқилғи ва мойлаш материаллари 2,8 миллиард доллар, турли хил тайёр буюмлар 1,2 миллиард доллар ҳамда ёқилғидан ташқари ноозиқ-овқат хомашёси 1,1 миллиард долларни ташкил этди.
Олдинроқ Ўзбекистон Хитойдан ёқилғи маҳсулотларини узоқ муддатли асосда импорт қилиш имкониятини кўриб чиқаётганини маълум қилгандик. 20 октябрь куни "Ўзбекнефтгаз" бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов Хитой миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) президенти Чжоу Синьхуа бошчилигидаги делегация билан учрашиб, ички бозорни ёқилғи билан таъминлаш манбаларини диверсификация қилиш масаласини муҳокама қилган. Ҳозирча импорт ҳажми, нархи ёки етказиб бериш муддатлари бўйича аниқ келишув эълон қилинмаган эди.

Изоҳлар мавжуд емас