Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва сифати кафолатланмаган дори воситалари савдосига чек қўйиш мақсадида Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят Божхона ҳамда Ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди ва қарийб 6 миллиард сўмлик яширин дори омбори фош этилди.
Тезкор тадбир давомида Уйчи туманида фармацевтика маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи хусусий корхона раҳбари ҳамда унинг ишчиси — 43 ва 40 ёшли ака-укалар томонидан нотурар бинонинг ертўласида яширин омбор ташкил этилгани аниқланган.
Омборни кўздан кечириш жараёнида хорижда ишлаб чиқарилган, умумий тахминий қиймати 5,6 миллиард сўмни ташкил этувчи 412 турдаги жами 67 923 бирликдаги дори воситалари келгусида сотиш мақсадида яширин равишда сақланаётгани маълум бўлиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда мазкур дори воситаларига нисбатан судга оид кимёвий ва товаршунослик экспертизалари тайинланиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон ва Фарғонада йирик миқдордаги кучли таъсир қилувчи дори воситалари ва гиёҳвандлик моддалари мусодара қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас