Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда суюлтирилган газни ноқонуний сотишга ихтисослашган 471 та "бункер" аниқланиб, уларнинг фаолиятига чек қўйилди. Маълумотларга кўра, 2025 йил ва 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида ўтказилган текширувларда жами 1 217 та қоидабузарлик аниқланган.
"Ҳудудгазтаъминот" жамиятининг комплаенс назорати тузилмалари томонидан шу даврда 3 мингдан ортиқ тўсатдан текширув ва рейд тадбирлари ўтказилган. Натижада қиймати қарийб 2 миллиард сўм бўлган 193,6 тонна суюлтирилган газ ҳамда умумий қиймати 8,7 миллиард сўмлик 17 301 та маиший газ баллонининг ноқонуний сотилишига йўл қўйилмаган.
Шунингдек, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойидаги хизмат текширувларида 1,4 минг тонна суюлтирилган газ ва 10 626 та маиший газ баллони талон-торож қилингани аниқланган.
Ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 25 та материал юборилган. Улар асосида 19 та жиноят иши қўзғатилган.
Айни пайтда ҳам ноқонуний савдо ва талон-торож ҳолатларининг олдини олиш, аниқланган қоидабузарликлар сабабларини ўрганиш ҳамда уларнинг такрорланишига йўл қўймаслик чоралари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўмдан компенсация бериш таклиф этилганди. Тўлов ойига кўпи билан 20 килограмм газ учун ҳисобланиб, компенсациянинг энг юқори миқдори 60 минг сўмни ташкил этади. Ушбу ёрдамни 2030 йил 1 январга қадар бериш режалаштирилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас