Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда маиший кимё маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида камида 100 та янги савдо белгисини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда 2 июнь куни кимё саноатини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилинди. Қайд этилишича, ҳозирда мамлакат ҳар йили қарийб 300 миллион долларлик маиший кимё маҳсулотларини импорт қилади. Марказий Осиё бозорининг умумий ҳажми эса 2 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Янги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Тошкентдаги саноат зоналарида ишлаб чиқариш майдонлари ташкил этилади. Шунингдек, корхоналарни ишга тушириш учун 50 миллион доллар ажратилиб, тайёр бизнес шаклида хусусий секторга таклиф қилинади. Ҳудудларда шунга ўхшаш ташаббусларни амалга ошириш учун яна 15 миллион доллар йўналтирилади.
Маълум қилинишича, келгуси уч йилда кимё саноатида умумий қиймати 2,8 миллиард долларлик 42 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, кимё-индустриал "Чирчиқ" технопаркига 2030 йилга қадар жами 207 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб қилиниши режалаштирилмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, технопаркда 56 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилган.

Изоҳлар мавжуд емас