Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Кимё-индустриал "Чирчиқ" технопаркига 2030 йилга қадар жами 207 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилиниши режалаштирилмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, технопаркда 56 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилган.
Президент матбуот хизмати маълум
қилишича, Шавкат Мирзиёевнинг технопаркка ташрифи давомида соҳани ривожлантириш бўйича режалар тақдим этилган. 2025 йилда технопаркда 758 та янги иш ўрни яратилган бўлиб, корхоналар томонидан 150 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган. Уларнинг умумий қиймати 60 миллион долларни ташкил этган.
2030 йилгача товар маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 294 миллион долларга, экспортни 48 миллион долларга етказиш ҳамда иш ўринлари сонини 23 мингтагача ошириш мақсад қилинган.
Ташриф чоғида давлат раҳбарига кимё саноатини модернизация қилишга қаратилган илмий-амалий лойиҳалар ҳам тақдим этилган. Қайд этилишича, Ўзбекистонда ҳар йили 3,7 миллион тонна минерал ўғит ишлаб чиқарилса-да, фосфорли ва сувда эрийдиган ўғитларга бўлган импорт эҳтиёжи сақланиб қолмоқда. Шу муносабат билан тармоқни модернизация қилиш учун 2,8 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Нефть-кимё соҳасида эса 2032 йилга бориб полимерларга бўлган ички талаб 3,2 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Ангрен ва Қўнғиротда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар импорт ўрнини тўлиқ босиш имконини бериши таъкидланган.
Маиший кимё маҳсулотлари соҳасида ҳам инвестиция дастурлари амалга оширилиб, импорт ҳажмини икки баравар қисқартириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг ички истеъмолдаги улушини 64 фоизга етказиш режалаштирилган.
Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёев Оҳангарон туманига ташрифи чоғида ҳам Vades Group компанияси фаолияти билан танишганди. Eltech Industrial технопарки ҳудудида SIM-карталар, идентификация ҳужжатлари, шунингдек, халқаро намунадаги транспорт ва банк карталарини ишлаб чиқариш учун асос бўладиган микропроцессор модулларини ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиши ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас