Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон ҳудудларида барпо этилаётган меҳмонхоналар қурилишида маҳаллий маҳсулотлар улушини камида 95 фоизга етказиш мажбурий этиб белгиланди. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида ҳудуд раҳбарлари ва соҳа масъулларига бу борада қатъий кўрсатмалар берилди.
Бугунги кунда мамлакатда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантириш бўйича икки йиллик йирик дастур амалга оширилмоқда. Мазкур режа доирасида республика бўйлаб 34 та йирик туризм объекти, 1 мингдан зиёд жойлаштириш воситаси, жумладан, 200 та янги меҳмонхона барпо этилиши белгиланган. Давлат раҳбари Паркент туманида яқинда иш бошлайдиган Kumushkon resort мажмуасини мисол келтириб ўтди — ушбу объект қурилишида маҳаллий материаллардан фойдаланиш кўрсаткичи 98 фоизга етган.
Янги талабни сифатли бажариш ва қурилиш бозорини зарур маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида кейинги йил якунига қадар маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажми кескин оширилади. Хусусан, лок-бўёқ ишлаб чиқариш 150 минг тоннага, сантехника жиҳозлари 2 миллион донага, ПВХ қувур ва фитинглар 300 минг тоннага етказилади. Шунингдек, гулқоғоз ишлаб чиқариш ҳажмини 7,5 миллион тоннага, декоратив панелларни эса 18 миллион квадрат метрга етказиш орқали ички бозордаги эҳтиёж тўлиқ маҳаллийлаштириш ҳисобига қопланади.

Изоҳлар мавжуд емас