Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилоятининг Асака туманида "Андижон полкаси" оммавий рақс тадбирига репетиция қилиш учун кетаётган 14-мактаб ўқувчилари иштирокида мудҳиш йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Тўқнашув оқибатида шифохонага ётқизилган мактаб ўқувчиларидан бири шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай вафот этди.
Андижон вилояти ЙҲХБ ахборот хизматининг расмий маълумотига кўра, воқеа 23 июнь куни содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлардан фарқли ўлароқ, ўқувчилар тадбирдан қайтаётганда эмас, балки унга бораётган вақтда ҳалокатга учраган. Асака тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан вилоят марказидаги репетицияларга қатнашиш учун ўқувчиларга махсус автобус ажратилган бўлган.
Бироқ бир гуруҳ ўқувчилар ажратилган транспортга ўтирмай, ўзбошимчалик билан Damas автомобилида йўлга чиқишган ва ҳаракат давомида ушбу машина ЗИЛ русумли юк машинаси билан тўқнашиб кетган. Шифохонага ётқизилган қолган ўқувчиларнинг аҳволи ҳозирда яхши экани билдирилган. Мазкур мудҳиш ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан суриштирув ва терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аммо шу ўринда Гиннеснинг рекордлар китобига кириш мақсадида ташкил этилган оммавий тадбирга тайёргарлик кўриш учун йўлга чиққан мактаб ўқувчиларининг ЙТҲга учраши ва бир нафар боланинг ҳалок бўлиши жамоатчилик ўртасида жиддий саволларни пайдо қилмоқда. Бундай йирик оммавий тадбирлар ва узоқ давом этадиган репетициялар жараёнида болалар хавфсизлигини таъминлаш тизими қандай ишлаётгани эса ҳануз мавҳум бўлиб қолмоқда. Одатда рақс каби минглаб одамлар қатнашадиган оммавий лойиҳаларга ҳудудий ҳокимиятлар ва тегишли бошқармалардан махсус масъуллар бириктирилиб, ҳар бир иштирокчининг ҳаракати, келиб-кетиши қатъий назоратга олинарди.
Бироқ Асакадаги ҳолатда ташкилотчилар ва таълим бўлими масъуллари ўқувчиларнинг ажратилган хавфсиз транспортга ўтирмай, бошқа машинага чиқиб кетишини нега олдиндан аниқлай олишмагани ва жараённи охиригача назорат қилмагани номаълумлигича қолмоқда. Болаларнинг хавфсизлиги учун мактаб раҳбарияти, синф раҳбарлари ёки тадбирга масъул этиб тайинланган шахслардан кимдир бевосита масъул бўлганми, деган савол ҳалигача очиқ. Ўн минглаб кишини бир жойга тўплаб, рекорд ўрнатиш илинжида вояга етмаган болаларнинг хавфсизлиги иккинчи планга тушиб қолгандек таассурот уйғонмоқда.
Маълумот учун, Андижонда ўтказилган ушбу оммавий тадбир доирасида бир вақтнинг ўзида 20 минг киши рақсга тушиб, Гиннеснинг рекордлар китобига кириш тадбири режалаштирилган эди.
Аввалроқ Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида уч нафар инсон ҳаётдан кўз юмганди. Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа 16 июнь куни соат 03:10 атрофида Тошкент ҳалқа автомобиль йўлида содир бўлган.

Изоҳлар мавжуд емас