Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2026 йил июль ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари ўртача 0,1 фоизга пасайди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, бу жорий йилда мамлакатда қайд этилган илк дефляция бўлди. Шу билан бирга, йиллик инфляция даражаси 6,4 фоизни ташкил этди.
Нархларнинг пасайишига асосан озиқ-овқат маҳсулотлари арзонлашгани таъсир қилган. Июль ойида ушбу тоифадаги маҳсулотлар ўртача 0,91 фоизга арзонлаган. Айни пайтда, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,3 фоизга, аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,5 фоизга қимматлашган.
Айрим маҳсулотлар нархи ошган бўлса-да, мавсумий омиллар сабаб кўплаб сабзавот ва мевалар арзонлашган. Жумладан, бақлажон 42,8 фоизга, булғор қалампири 39,4 фоизга, помидор 24 фоизга, тарвуз 20,3 фоизга, картошка 18 фоизга, қовун эса 14,5 фоизга арзонлаган. Шунингдек, шафтоли, бодринг, саримсоқ, нок, узум, олма, банан ва тухум нархининг тушиши ҳам умумий инфляциянинг пасайишига ҳисса қўшган.
Шу билан бирга, айрим маҳсулотлар қимматлашган. Хусусан, сабзи нархи 12,6 фоизга, узун донли гуруч 6,4 фоизга, юмалоқ донли гуруч 6,1 фоизга, мош 4,2 фоизга ва пиёз 1,7 фоизга ошган.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари ичида энг катта ўсиш бензин нархларида кузатилган. АИ-98 ва АИ-100 маркали бензин 10 фоизга, АИ-95 — 8,5 фоизга, АИ-92 эса 3,9 фоизга қимматлашган. Пуллик хизматлар соҳасида маиший чиқинди учун тўлов 2,7 фоизга, мобил алоқа хизматлари 2,4 фоизга, шаҳар автобусида йўл ҳақи эса 1,4 фоизга ошган.
Миллий статистика қўмитаси маълум қилишича, ҳисоб-китоблар 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтасида 2 миллиондан зиёд нарх кузатувлари асосида амалга оширилган.

Изоҳлар мавжуд емас