Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россиянинг "Wildberries" маркетплейси дрон ҳужумлари сабабли логистика тизимининг бир қисмини хорижга кўчириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Компания узоқ муддат сақланадиган товарларни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Беларусь омборларида жойлаштиришни режалаштирмоқда ва айрим маҳсулотлар аллақачон хорижий омборларга йўналтирила бошланган.
Хорижий оммавий ахборот воситалари хабар беришича, "Wildberries & Russ" бош директори Роберт Мирзоян мамлакатимизда Марказий Осиё логистика хаби ташкил этилишини эълон қилган. Лойиҳа доирасида Тошкент вилоятидаги 170 минг квадрат метрли омбор мажмуаси ва саралаш маркази ягона логистика тизимига бирлаштирилиши айтилган.
Шунингдек,компания томонидан 300 миллион доллардан ортиқ сармоя киритилаётган мазкур хаб "Россия — Ўзбекистон — Яқин Шарқ" ҳамда "Хитой — Ўзбекистон — Африка" йўналишларининг муҳим бўғинига айланиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, маркетплейс томонидан Қозоғистоннинг Остона ва Олмаота шаҳарларида 46 минг квадрат метр омбор ижарага олинган ва яна 260 минг квадрат метр майдон қурилмоқда. Беларусь ҳудудида эса 140 минг квадрат метрлик йирик логистика мажмуасини тўлиқ ишга тушириш ишлари олиб борилмоқда.
Савдо майдончаси ушбу чоралар орқали товарлар етказиб бериш тизими барқарорлигини таъминлашни мақсад қилган.
Олдинроқ Дрон ҳужуми ортидан Тула вилоятидаги навбатдаги Wildberries логистика марказида ёнғин чиққанди.

Изоҳлар мавжуд емас