Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Марказий банки мижозларни идентификация ва аутентификация қилишда фойдаланиладиган биометрик маълумотларни сақлаш тартибини кучайтирувчи янги талабларни жорий этди.
Тегишли қарор 1 август куни давлат рўйхатидан ўтказилиб, расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга кирган. Янги тартиб тўлов тизими операторлари, тўлов хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар, факторинг электрон платформалари ҳамда кредит бюроларига татбиқ этилади.
Янги талабларга мувофиқ, жисмоний шахсларни идентификация ва аутентификация қилишда фойдаланиладиган барча биометрик маълумотлар фақат Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шарт. Шу билан бирга, биометрик бўлмаган бошқа шахсий маълумотларни амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилган ҳолда мамлакат ташқарисида сақлаш ва қайта ишлашга рухсат берилади.
Марказий банк таъкидлашича, мазкур ўзгаришлар молия бозорида мижозларнинг биометрик маълумотларини сақлаш бўйича ягона ҳуқуқий ёндашувни шакллантириш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш талабларининг ижросини таъминлаш ҳамда ахборот ва киберхавфсизликни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Олдинроқ Марказий банк интернет тармоғида ўз номи билан тайёрланган сохта лицензия тарқатилаётгани ҳақида огоҳлантириш берганди.

Изоҳлар мавжуд емас