Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида меҳнат қилиб юрган вақтда инсультга чалинган Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистоннинг Олмаотадаги Бош консулхонаси кўмагида юртимизга қайтарилди.
Фуқаронинг мурожаати ва соғлиғи инобатга олиниб, унга Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаси расмийлаштирилди ҳамда Олмаота–Тошкент йўналиши бўйича авиачипта харид қилинишида амалий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, Қозоғистоннинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва миграция органлари билан ҳамкорликда унинг мамлакатдан қонуний чиқиб кетиши таъминланган.
Бош консулхона, шунингдек, ватандошни вақтинча яшаш жойи, кийим-кечак ва озиқ-овқат билан таъминлаш, ҳужжатларини расмийлаштириш каби масалаларда беғараз ёрдам кўрсатган Қозоғистон фуқаросига миннатдорлик билдирган. Қайд этилишича, хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, айниқса оғир ҳаётий вазиятга тушган ватандошларга тезкор консуллик ёрдамини кўрсатиш ишлари давом эттирилади.

Изоҳлар мавжуд емас