Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон мусулмонлари идораси 2026 йилги Ҳаж мавсуми бўйича расмий маълумот бериб, илк зиёратчилар 2 май куни Муқаддас замин — Саудия Арабистонига йўл олишини маълум қилди. Ушбу йилги мавсумда парвозлар ва ташкилий ишлар босқичма-босқич амалга оширилади.
Мавжуд режага кўра, авиақатновлар 2 майдан 18 майга қадар ҳар куни ташкил этилади. Зиёратчилар Ўзбекистоннинг 9 та шаҳри — Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч аэропортларидан тўғридан-тўғри Мадина шаҳрига жўнаб кетадилар. Бориш рейслари FlyAdeal томонидан, қайтиш рейслари эса Uzbekistan Airways томонидан таъминланади.
Тайёргарлик ишлари доирасида барча зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, менингитга қарши эмлангани, шунингдек, ҳаж визалари ва зарур ҳужжатлар расмийлаштирилгани маълум қилинган. Ҳаж гуруҳлари раҳбарлари томонидан зиёратчиларга ибодат амаллари ва сафар қоидалари бўйича махсус ўқув машғулотлари ҳам ўтказилмоқда.
Ҳар бир зиёратчи учун қулайлик яратиш мақсадида махсус анжомлар тўплами ҳам тақдим этилмоқда. Унинг таркибига "Ҳаж – буюк ибодатдир" қўлланмаси, сумка, нимча, термос, соябон, сим-карта ва қувватлагич каби зарур буюмлар киритилган.
Айни пайтда Саудия Арабистонидаги ишчи гуруҳлар Мино ва Арофот водийлари, шунингдек, меҳмонхоналарда зиёратчилар учун барча зарур шарт-шароитларни тайёрлаш ишларини амалга оширмоқда. Идора томонидан зиёратчиларга Ҳаж амалларини тўғри ва тартибли бажариш бўйича тавсиялар мунтазам равишда эълон қилиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони ҳукумати "Ҳаж–2026" мавсуми доирасида Макка шаҳрига кириш ва зиёрат жараёнларини тартибга солувчи янги қоидаларни жорий этганди. Янги чекловлар зиёратчилар хавфсизлиги ва оқимни назорат қилишга қаратилган.

Изоҳлар мавжуд емас