Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сирдарё вилоятида солиқ органининг мансабдор ходими тадбиркордан пора олиш вақтида тезкор тадбир давомида қўлга олинди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилган ушбу операция Давлат хавфсизлик хизмати, прокуратура ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида амалга оширилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, вилоят солиқ бошқармасининг шўъба бошлиғи ўз хизмат ваколатларидан фойдаланиб, заргарлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорга босим ўтказган. У тадбиркорни гўёки катта миқдордаги савдо айланмасини яширганликда айблаб, сунъий равишда 145 миллион сўмлик жарима қўллаш билан таҳдид қилган.
Маълум қилинишича, ушбу жаримани қўлламаслик ҳамда келгусида "ҳимоя" қилиш эвазига мансабдор шахс тадбиркордан қиймати тахминан 10 миллион сўм бўлган тилла тақинчоқ талаб қилган. Ушбу қимматбаҳо буюмни олаётган пайтида у ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Наманган вилоятидаги банклардан бирининг бош юристконсульти ҳам хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, хусусий клиника раҳбаридан пора талаб қилгани аниқланганди.

Изоҳлар мавжуд емас