Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Саудия Арабистони ҳукумати "Ҳаж–2026" мавсуми доирасида Макка шаҳрига кириш ва зиёрат жараёнларини тартибга солувчи янги қоидаларни жорий этди. Янги чекловлар зиёратчилар хавфсизлиги ва оқимни назорат қилишга қаратилган.
2026 йил 13 апрельдан бошлаб Маккага кириш фақат махсус рухсатнома асосида амалга оширилади. Кириш ҳуқуқи фақат Маккада расмий яшаш ҳужжатига эга шахслар, Ҳаж рухсатномасига эга зиёратчилар ҳамда давлат платформалари орқали берилган иш рухсатномасига эга ходимларга берилади.
Шунингдек, 2026 йил 18 апрельдан эътиборан барча турдаги визалар билан (Ҳаж визасидан ташқари) Маккага кириш ва у ерда бўлиш қатъиян тақиқланади. Умра визаси эгалари учун мамлакатни тарк этишнинг сўнгги муддати ҳам 18 апрель деб белгиланган.
Янги тартибларга кўра, қоидаларни бузган шахсларга нисбатан кескин жазо чоралари белгиланган. Ҳаж мавсумида тартибни бузганлар 20 минг саудия риалигача жаримага тортилиши мумкин.
18 апрельдан 31 майгача бўлган даврда ноқонуний ташиш, зиёратчиларни яшириш ёки ёрдам бериш ҳолатлари учун 100 минг саудия риалигача жарима, депортация ва 10 йилгача мамлакатга кириш тақиқланиши мумкин. Шу билан бирга, ноқонуний ташувларда фойдаланилган транспорт воситалари мусодара қилинади.
Саудия Ички ишлар вазирлиги қоидаларга риоя этиш бўйича қаттиқ назорат ўрнатилганини маълум қилган. Қоидабузарликлар ҳақида хабар бериш учун махсус алоқа тизими жорий этилган бўлиб, фуқаролар 911 рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.
Расмийлар барча зиёратчиларни Ҳаж амалларини фақат қонуний ва рухсат этилган тартибда амалга оширишга чақирмоқда. Қоидаларга риоя қилмаслик жиддий молиявий ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон Транспорт вазирлиги "Умра" мавсуми якунланаётгани ва яқинлашаётган "Ҳаж – 2026" мавсуми муносабати билан Саудия Арабистонига йўл олаётган зиёратчилар учун қатор чеклов ва талабларни маълум қилганди.

Изоҳлар мавжуд емас