Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида алимент тўлашдан қочиб юрган фуқаро Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан олдиндан режалаштирилган махсус усул орқали қўлга олинди. Гап эгизак фарзандлари учун белгиланган тўловларни узоқ вақт давомида амалга оширмаган ота ҳақида бормоқда.
Маълум қилинишича, фуқаролик ишлари бўйича Пайариқ туманлараро суди қарорига мувофиқ, мазкур шахс икки нафар фарзанди учун алимент тўлаб бориши шарт эди. Бироқ у ўз мажбуриятларини бажармаган ва натижада қарздорлик 32,4 миллион сўмга етган. Шу сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Қарздорни аниқлаш ва ушлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси ходимлари унинг собиқ турмуш ўртоғи билан ҳамкорликда режа ишлаб чиққан. Унга кўра, аёл қарздорга қўнғироқ қилиб, фарзандларнинг таълим масаласи бўйича гаплашиш учун уйга чақирган.
Ўзини хавфсиз деб ҳисоблаган ҳолда учрашувга келган шахс айнан шу ерда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган. Ҳозирда у давлат ижрочиси ихтиёрига топширилган бўлиб, қонун доирасида тегишли чоралар кўрилмоқда.
Ушбу ҳолат алимент тўлашдан бўйин товлаш ва яшириниб юриш орқали жавобгарликдан қочиб бўлмаслигини яна бир бор кўрсатди.
Бундан олдин икки нафар собиқ турмуш ўртоғи фойдасига алимент тўлашдан бўйин товлаб келган қарздор пойтахтдаги машҳур спа-салонлардан бирида аниқланганди ва қидирув ходимлари томонидан ушланганди. У муқаддам маъмурий жавобгарликка ҳам тортилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас