Загрузка
Загрузка
Ҳукумат Uzbekistan Airways акцияларини жаҳон бозорида сотишга тайёрламоқда
Жамият

Ҳукумат Uzbekistan Airways акцияларини жаҳон бозорида сотишга тайёрламоқда

14
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Ўзбекистонда "Uzbekistan Airways" миллий авиакомпаниясини халқаро капитал бозорига чиқишга тайёрлаш ишлари кучайтирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев авиаташувчининг трансформация жараёни билан танишиб, белгиланган ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича топшириқлар берди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат иштирокидаги йирик корхоналар фаол ислоҳ қилинмоқда, корпоратив бошқарув ва ҳисоботнинг халқаро стандартлари жорий этилмоқда. Миллий инвестиция фондининг ташкил этилиши муҳим қадам бўлди, уни бошқариш Franklin Templeton компаниясига ишониб топширилди. Май ойида фонд илк бор халқаро бозорда 690 миллион долларлик активларни жойлаштирди. Талаб таклифдан 4 баробар ошди, инвесторлардан тушган аризалар қарийб 3 миллиард долларга етди.

Энди фонд портфелидаги 13 та йирик компанияда ислоҳотларни жадаллаштириш ва уларни ІРОга тайёрлаш керак. "Uzbekistan Airways," "Ўзсаноатқурилишбанк," "Ўзбекгидроэнерго," "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" ва "Ўзбектелеком" шулар жумласидандир.

Авиакомпания учун Franklin Templeton 115 та тадбирдан иборат дастур ишлаб чиқди. Унинг амалга оширилиши операцион фойдани йилига 120 миллион долларга ошириши мумкин. Чора-тадбирлар орасида йўналишларни оптималлаштириш, тўғридан-тўғри сотувларни кўпайтириш, хизмат кўрсатишни яхшилаш, кечикишларни ва парвозларни бекор қилишни камайтириш, шўба корхоналарнинг (овқатланиш, техник хизмат кўрсатиш) самарадорлигини ошириш, шунингдек, малакали мутахассисларни жалб этиш кабилар бор.

Натижада авиакомпаниянинг бозор қиймати 1,6 миллиард доллардан 2,3 миллиард долларгача ошиши мумкин. Бироқ, дастурни жорий этиш суръатлари ҳозирча пастлигича қолмоқда. Президент бошқарув сифатини ошириш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш, ҳисоботни халқаро стандартлар асосида юритиш, кредит рейтингини яхшилаш зарурлигини таъкидлади.

Йил охиригача "Uzbekistan Airways"нинг 15-20 фоиз акцияларини ІРО орқали сотиш режалаштирилган. Шу муносабат билан фаолиятни холисона баҳолаш, активлар таркибини оптималлаштириш ва давлат буюртмаси доирасида хизматларни компенсация қилиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланди.

Туризмнинг ўсиши ҳам тезкор ечимларни талаб қилади: йил бошидан буён туристлар оқими 27,5 фоизга ошиб, қарийб 5,5 миллион кишига етди. Бироқ самолётлар паркини кенгайтириш секинлик билан амалга оширилмоқда. Шу боис харидлар бўйича алоҳида тартиб жорий этиб, паркни янгилашни жадаллаштириш бўйича топшириқ берилди.

Президент Тошкентнинг Марказий Осиёдаги энг йирик авиация хабига айланиш учун барча имкониятлари борлигини таъкидлади. Бунинг учун "Uzbekistan Airways", "Uzbekistan Airports" ва "Янги Тошкент" аэропорти ўртасида мувофиқлаштиришни йўлга қўйиш зарур.

Тизимли ишлаш учун лойиҳа офиси ташкил этилиб, компанияларни бошқаришга халқаро молия бозорларида тажрибага эга мутахассислар жалб қилинади. Ҳар бир компания учун ІРОга тайёргарлик кўриш жадвали тузилади ва унинг бажарилиши устидан қатъий назорат ўрнатилади.

Аввалроқ Uzbekistan Airways ёқилғи инқирози сабабли Россияга парвозлар дастурини қайта кўриб чиққанини эълон қилган эди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...