Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Синоптиклар маълумотига кўра, 5–8 май кунлари республика ҳудудида асосан қуруқ ва илиқ об-ҳаво ҳукм суради. Ҳарорат аста-секин ошиб, кундуз кунлари 32–35 даражагача, жанубий ҳудудларда эса 38 даражагача кўтарилиши мумкин.
Бугун, 4 май куни эса марказий ва шарқий ҳудудларда беқарор об-ҳаво сақланади. Жумладан, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятлари ҳамда Фарғона водийсида куннинг иккинчи ярмида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати 23–26 даража атрофида бўлади.
Шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларда бугун ёғингарчилик кутилмайди, ҳарорат 27–32 даражагача кўтарилади.
5–7 май кунлари фақат Қорақалпоғистон ва Хоразмда айрим жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин. 8 май куни эса республика бўйича айрим ҳудудларда ёғингарчилик кузатилиши эҳтимолдан холи эмас.
Шунингдек, 6–7 май кунлари айрим ҳудудларда, айниқса чўл зоналарида шамол тезлиги 13–18 м/с гача кучайиши, 8 май куни эса республика бўйича баъзи жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.
Тоғаолди ва тоғли ҳудудларда 4–5 май ҳамда 8 май кунлари қисқа муддатли ёмғирлар ва момақалдироқлар кузатилиши мумкин. Айрим жойларда сел-сув тошқинлари хавфи ҳам сақланиб қолмоқда.
Тошкент шаҳрида эса ёғингарчилик кутилмайди. Бугун ҳаво ҳарорати 24–26 даража бўлса, 5–8 май кунлари 30–35 даражагача кўтарилади.

Изоҳлар мавжуд емас