Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Адлия вазирлиги томонидан қабул қилинган янги тартибга кўра, Ўзбекистонда чет эл валютасида ифодаланган облигациялар чиқариш ва жойлаштириш имконияти жорий этилди. Энг муҳим чекловлардан бири — бир эмитент томонидан чиқариладиган валюта облигацияларининг умумий ҳажми 50 миллион доллар эквивалентидан ошмаслиги керак.
Ушбу тартиб "Капитал бозори соҳасида тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режими доирасида амал қилади. Унга кўра, валюта облигациялари — номинал қиймати ва даромади чет эл валютасида ифодаланадиган ҳамда инвесторга асосий маблағ ва фоиз даромадини олиш ҳуқуқини берадиган қимматли қоғоз ҳисобланади.
Янги қоидаларга мувофиқ, бундай облигацияларни фақат Ўзбекистон резиденти бўлган, "қумдон" режими иштирокчиси саналган ва молиявий ҳисоботлари мустақил аудитор томонидан ижобий баҳоланган юридик шахслар чиқариши мумкин.
Шунингдек, облигациялар таъминланган ёки таъминланмаган ҳолда чиқарилиши мумкин. Агар таъминланмаган ҳолда чиқарилса, улар эмитентнинг ўз капитали доирасида бўлиши шарт. Агар капиталдан ошса, ортиқча қисм учун албатта қўшимча таъминот тақдим этилиши талаб этилади.
Ушбу облигацияларни чиқариш, жойлаштириш, уларнинг муомаласи ва даромадларини тўлаш устидан назорат Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан амалга оширилади.
Мутахассислар фикрича, бу қарор капитал бозорини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва йирик лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас