Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 4 май куни, Самарқандда Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар Кенгашининг 59 йиллик йиғилиши бошланди. Айни пайтда президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Хусусан , Марказий Осиёнинг дунё туризмидаги ўрни бениҳоя катта эканлигини таъкидлади.
Президентнинг фикрича, дунёдаги нотинчлик ва хавфсизликка оид хавотирлар ортиб бораётган бир пайтда, миллионлаб сайёҳлар нисбатан барқарор ва хавфсиз йўналишларни изламоқда. Шу шароитда Марказий Осиё минтақаси туризм учун катта салоҳиятга эга йўналиш сифатида ажралиб чиқмоқда.
Минтақа зиёрат, маданий, гастрономик, этно, экстремал ва тиббиёт туризми каби соҳаларда катта имкониятларга эга. Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистонда бу соҳага алоҳида эътибор қаратилиб, инфратузилма, хизмат кўрсатиш сифати, виза тартиблари, транспорт имкониятлари ҳамда энг муҳими — сайёҳлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Натижада, сўнгги ўн йил ичида Ўзбекистонга келаётган хорижий сайёҳлар сони 6 баробарга ошиб, 12 миллион нафарга етгани қайд этилмоқда.
Сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида очилган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Самарқандда барпо этилган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси мамлакатнинг янги маънавий ва маданий қадамжоларига айланган.
Шу каби йирик иншоотлар қўшни давлатларда ҳам барпо этилаётгани минтақавий туризм салоҳиятини янада оширмоқда. Шу сабабли Президент томонидан Марказий Осиё давлатларини бирлаштирадиган янги ташаббус — "Марказий Осиё туризм ҳалқаси"ни яратиш ғояси илгари сурилган.
Ушбу ташаббус доирасида минтақадаги давлатлар, Осиё тараққиёт банки ва бошқа ҳамкорлар иштирокида туризм лойиҳалари портфели шакллантирилиб, уларни биргаликда молиялаштириш кўзда тутилмоқда. Бу эса Марказий Осиёни ягона, жозибадор ва хавфсиз туризм маконига айлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас