Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда қиш мавсуми ҳали бошланмасдан аҳоли учун ажратилган суюлтирилган газни ўзлаштириш ва тижорий нархларда сотиш ҳолатлари аниқланмоқда. 9 ноябрь куни ўтказилган назорат тадбирларида 7 та ҳолат бўйича жами 249 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани маълум бўлди. Қизиғи, қонунбузилишлар орасида газ таъминоти тизимининг айрим ходимлари ҳам бор.
Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, "Ўзэнергоинспекция" ва "Ҳудудгазтаъминот" ходимлари иштирокида ўтказилган тадбирларда жами 1 160 килограмм суюлтирилган газ аниқланган. Идора маълумотига кўра, бу миқдор 58 та хонадоннинг бир ойлик эҳтиёжини таъминлаши мумкин эди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида "Амударётумангаз" бўлими суюлтирилган газ хизмати чилангари 104 та газ баллонини тегишли ҳужжатларсиз ва ёнғин хавфсизлиги талабларига зид равишда сақлаб келган.
Сурхондарё вилоятида "Шерободтумангаз" бўлими ҳайдовчиси ўз хонадонида 25 та газ баллонини сақлаган. Тошкент вилояти Қуйичирчиқ туманида эса газ тўлдириш шохобчаси ходимида 3 та газ баллони аниқланган.
Бошқа ҳудудларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилган. Хусусан, Наманган шаҳрида 40 ёшли фуқаро кейинчалик аҳолига сотиш мақсадида 20 та баллонни уйида сақлаган. Қашқадарё вилоятининг Касби туманида 52 ва 30 ёшли икки фуқаронинг хонадонларидан жами 92 та газ баллони топилган. Улар ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда сақланган.
Хоразм вилояти Хонқа туманида эса 1995 йилда туғилган шахс умумий овқатланиш шохобчасида газ идораларига тегишли, аҳоли учун ажратилган 5 та баллондан ноқонуний фойдаланган.
Бу бир кунлик текширув натижалари. Идора маълумотига кўра, 20 октябрдан буён республика бўйича 370 та ҳолатда жами 9 455 та газ баллони ноқонуний сақланаётгани аниқланган. Улардаги суюлтирилган газ миқдори 102 158 килограммни ташкил этган.
Эътиборлиси, бу рақамлар қиш мавсуми олдидан аҳолини газ билан таъминлаш масаласи янада долзарб бўлиб турган бир пайтда қайд этилмоқда. Табиий газ тармоғи етиб бормаган ҳудудларда яшовчи оилалар давлат ажратаётган суюлтирилган газга қарам. Шундай шароитда аҳоли эҳтиёжи учун мўлжалланган баллонларни тўплаб, кейинчалик қиммат нархда сотишга уриниш оддий қоидабузарлик эмас — бу бошқа хонадонларнинг кундалик эҳтиёжига дахл қилишдир.
Яна бир жиддий жиҳат — газ таъминоти тизими ходимларининг ўзлари ҳам бундай ҳолатларга аралашиб қолмоқда. Аҳолини газ билан таъминлаш учун масъул бўлган ходимларнинг баллонларни ҳужжатсиз ва хавфсизлик талабларига зид равишда сақлаши тизимдаги назорат самарадорлиги ҳақида саволлар туғдиради.
Бундан ташқари, газ баллонларини кўп миқдорда хавфсизлик талабларига зид равишда сақлаш ёнғин ва портлаш хавфини оширади. Бу нафақат баллон эгаларининг, балки уларнинг оила аъзолари ва қўшниларининг ҳам ҳаётига таҳдид солади.
Давлат хавфсизлик хизмати аҳолига ажратилган газнинг ноқонуний сақланиши, сотилиши ёки бошқа мақсадларда ишлатилишига оид ҳолатлар ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар бериш мумкинлигини маълум қилган. Хабар берувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.
Савол шундаки, қиш мавсумида аҳолини газ билан узлуксиз таъминлаш учун масъул идоралар назоратни кучайтириши керак бўлган бир пайтда, ажратилган ресурсларнинг бир қисми қандай қилиб ноқонуний савдо воситасига айланмоқда?

Изоҳлар мавжуд емас