Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Акмал Шукуровга нисбатан чиқарилган жазони енгиллаштиришда қонунбузилишларга йўл қўйганликда айбланган Тошкент шаҳар судининг собиқ мансабдорлари ва судьяларига нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. Уларнинг бири 4 йилга озодликдан маҳрум этилди, яна уч нафарига 4 йилдан озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов Batafsil.uz мухбирига маълум қилди.
Аввалроқ Бош прокуратура ушбу иш бўйича Тошкент шаҳар суди раисининг собиқ ўринбосари ҳамда собиқ судьяларга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди. Улар Акмал Шукуровга тайинланган жазони енгиллаштиришда суд мустақиллиги ва қонун талабларини бузганликда айбланган.
Тошкент вилоят судида якунланган суд жараёнида эълон қилинган ҳукмга кўра, суд раисининг собиқ ўринбосари Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми ва 236-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 236-модда 2-қисми бўйича суд тизимида мансабдорлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан уч йилга маҳрум қилиш ва тўрт йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. 207-модда 1-қисми бўйича эса жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли жазо белгиланмади.
Собиқ судьяларга эса Жиноят кодексининг 231-моддаси 1-қисми бўйича айбли деб топилди. Уларнинг ҳар бирига суд тизимида мансабдорлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан уч йилга маҳрум қилиш ҳамда тўрт йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Суд ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда апелляция ёки кассация инстанциясига шикоят бериши ёхуд протест келтириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Акмал Шукуров аввал Мирзо Улуғбек тумани жиноят ишлари бўйича суди томонидан фирибгарлик, безорилик ва қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбли деб топилиб, 8 йил 1 ойга озодликдан маҳрум этилганди. Бироқ апелляция инстанцияси жазони 3 йил 3 ойлик озодликни чеклашга ўзгартириб, уни суд залидан озод қилган. Кейин прокуратура протести қаноатлантирилиб, Шукуровга 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Изоҳлар мавжуд емас