Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Коррекцион синфлар ташкил этиб, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатадиган нодавлат таълим ташкилотларига давлат томонидан субсидия ажратилади. Бу тартиб Ҳукуматнинг 2026 йил 12 ноябрдаги 619-сон қарори билан тасдиқланган низомда белгиланди.
Низомга кўра, нодавлат таълим ташкилоти коррекцион синф ташкил этиш бўйича битим тузиш учун умумий ўрта таълим хизматлари кўрсатиладиган ҳудуддаги ҳудудий бошқармага "ЯМИҲ" ахборот тизими орқали ариза беради.
Аризада низомда белгиланган маълумотлар кўрсатилиши лозим.
Ариза кўриб чиқилгандан сўнг, битим тузишни рад этиш учун асослар аниқланмаса, ҳудудий бошқарма бир иш куни ичида ахборот модулида битим тузиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида хулоса расмийлаштиради. Шундан кейин томонлар ўртасида битим имзоланади.
Ҳар бир коррекцион синфдаги ўқувчилар сони 12 нафардан ошмаслиги белгиланган.
Коррекцион синфда таҳсил оладиган ҳар бир ўқувчи учун тўлиқ бир ойга ҳудудга қараб қуйидаги миқдорларда субсидия ажратилади:
-
Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг 11 баравари;
-
вилоятлар марказлари ва Нукус шаҳрида — 9,5 баравари;
-
бошқа туман ва шаҳарларда — 8,5 баравари.
Субсидия маблағлари нодавлат таълим ташкилотларининг алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ харажатларини қоплашга йўналтирилади.

Изоҳлар мавжуд емас