Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Асли ўзбекистонлик бўлган таниқли меценат ва миллиардер Алишер Усмонов Сардоба сув омбори тўғонининг ўпирилиши натижасида жабрланган қозоғистонликларга 5 миллион доллар ажратган. Бу тўғрисида Batafsil.uz мухбири хабар бермоқда.
"Алишер Усмонов тошқин натижасида Мақтаорол туманидаги жабрланганлар учун “Туркистон” ижтимоий ривожлантириш корпоратив жамғармасига 5 миллион 202 минг долларни ўтказди. Ушбу маблағлар зарар кўрган ҳар-бир оила бошлиғининг 5202 та шахсий ҳисоб рақамига ўтказиб берилади", - дейилмоқда Туркистон вилояти ҳокимининг матбуот хизмати тарқатган хабарда.
Демак, ҳар-бир жабрланган оила минг доллардан олади.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистондаги Сардоба сув омборида тўғоннинг ўпирилиши натижасида 90 мингга яқин одам эвакуация қилинган, 4 киши ҳалок бўлган, 1 киши бедарак йўқолган. Бундан ташқари, Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги қўшни Мақтаорол тумани қишлоқлари ҳам сув остида қолган.
Ўзбекистон Сардоба сув омбори тўғонини тўлиқ экспертизадан ўтказиш учун халқаро экспертларни жалб қилмоқчи. Шундагина воқеа тўғрисида якуний хулосалар чиқарилади.
Илгарироқ, Бош прокуратура Сардоба сув омбори тўғонининг қисман қулаши юзасидан жиноий иш очган эди. Текширувни ўтказиш Давлат хавфсизлик хизматига топширилган.
Изоҳлар мавжуд емас