Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкентда йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш мақсадида илк бор ёруғлик проекцияси орқали ҳосил қилинган пиёдалар ўтиш жойи синовдан ўтказилмоқда. Янги технологиянинг биринчи намунаси Қумариқ кўчасида ўрнатилди.
Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълум қилишича, анъанавий "зебра"дан фарқли равишда, янги ўтиш жойи асфальтга бўёқ билан чизилмайди, балки махсус қурилма ёрдамида йўлга ёруғлик проекцияси туширилади.
Мутахассислар таъкидлашича, оддий йўл чизиқлари вақт ўтиши билан автомобиллар ғилдираклари таъсирида ўчиб кетади, ёмғир, қор ва тунги вақтда эса кўриниши ёмонлашади. Проекцияли ўтиш жойи бу камчиликларни бартараф этиши, об-ҳаво ва йўл қопламасининг эскиришига қарамай, кўринишини сақлаши кутилмоқда.
Янги технология ҳайдовчилар пиёдалар ўтиш жойини олдинроқ пайқаб, тезликни ўз вақтида пасайтиришига ёрдам бериши ва йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириши мумкин.
Ҳозирда лойиҳа синов тариқасида амалга оширилмоқда. Мутахассислар проекцияли йўл белгисини турли об-ҳаво шароитларида синаб, самарадорлигини баҳолайди. Натижалар ижобий бўлса, бундай ўтиш жойлари Тошкентнинг бошқа кўчаларида ҳам жорий этилиши мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас