Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилояти Балиқчи туманида фарзанди учун алимент тўлаши белгиланган ота қарздорликни бартараф этиш мақсадида ўзининг "Дамас" автомашинасини алимент тўлови ўрнига берди.
Бу ҳақида Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати Batafsil.uz мухбирига маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан туманлараро суди буйруғига асосан фуқаро бир нафар фарзанди учун мунтазам равишда алимент тўлаб бориши лозим эди. Бироқ у тўловларни ўз вақтида амалга оширмагани сабабли маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шундан сўнг, қарздор ота тўланмай қолган 25 миллион сўм алимент қарзи ҳамда фарзанди вояга етгунига қадар бўлган тўловлар ўрнига ўз автомашинасини беришини маълум қилган.
Давлат ижрочиси саъй-ҳаракатлари билан тарафлар ўзаро келишувга эришган. Ундирувчи томон таклифга рози бўлиб, автомобилни алимент тўлови ўрнига қабул қилган.
Натижада ижро ҳужжатининг ижроси тўлиқ таъминланиб, ижро иши юритиш якунланган.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин айнан шу вилоятда ота фарзандларига алимент тўлаш ўрнига уларнинг номига уч хонали уй расмийлаштирганди.

Изоҳлар мавжуд емас