Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда ҚҚС тўловчи хорижий интернет компаниялари қарийб 1,5 триллион сўмлик хизмат кўрсатган бўлса, шундан энг катта улуш Apple компаниясига тўғри келган.
Apple компанияси йил давомида 413 миллиард сўмлик рақамли хизматлар кўрсатиб, илк бор бозор етакчиси бўлган Meta (Facebook, Instagram) компаниясини ортда қолдирган. Таъкидлаш жоизки, бу рақамлар фақат рақамли сервисларга (иловалар, обуналар) тегишли бўлиб, унга iPhone ёки MacBook каби қурилмалар савдоси кирмайди. Meta асосан компанияларнинг реклама бюджетлари ҳисобига даромад кўрса, Apple даромадининг асосий қисми оддий фойдаланувчиларнинг пуллик иловалари ва ички харидлари ҳисобига шаклланган.
Бундай ўсишнинг асосий сабабларидан бири — ўзбекистонликларнинг рақамли маҳсулотларга бўлган муносабати ўзгараётганидир. Илгари иловалар учун пул тўлашни истамаган фойдаланувчилар эндиликда Telegram Premium, Netflix ва OpenAI (ChatGPT) каби хизматларга фаол обуна бўлишмоқда. Масалан, Ўзбекистонда ChatGPT учун ҳақ тўлайдиганлар сони қисқа вақт ичида уч бараварга ошиб, 30 000 нафарга етган.
Бозордаги бундай фаолликка тўлов тизимларининг соддалашгани ва аҳоли даромадларининг ўсиши ҳам замин яратган. Инфляцияни ҳисобга олганда, 2025 йилда аҳоли жон бошига реал даромадлар 7,2 фоизга ошган. Шунингдек, Uzum Visa каби миллий ва валюта карталарининг бирлаштирилгани халқаро сервислар учун тўлов қилиш жараёнини сезиларли даражада осонлаштирган.
Ўзбекистонда, бундан ташқари, Apple Pay ва Google Pay тўлов тизимлари ишга тушади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Вашингтонга ташрифи чоғида АҚШ йирик компаниялари ва инвестиция фондлари вакиллари билан учрашуви чоғида келишиб олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас