Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Антикоррупция" нашри мухбири Отабек Ҳамидов Андижон вилояти ИИБ ходимлари томонидан қўлга олингани хабар қилинмоқда. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, блогер ҳозирда Андижон вилояти ИИБда ушлаб турилган.
Ҳамидовнинг яқинлари ҳолатни икки йил аввал содир бўлган баҳсли воқеа билан боғламоқда. Уларнинг айтишича, ўша вақтда блогер отасининг вафоти муносабати билан Асака туманига борган ва маросимлардан кейин Тошкентга қайтган.
Маълум қилинишича, унинг турмуш ўртоғи Асакадаги хонадонда қолган вақтда уйга номаълум аёл келиб, "омонат топшириши кераклиги"ни айтган ҳамда 500 долларни қолдирган.
Орадан тахминан 10 дақиқа ўтгач, хонадонга тезкор ходимлар кириб келган ва уйдаги пулларни ашёвий далил сифатида олган.
Яқинлари Отабек Ҳамидов ушбу маблағлардан мутлақо хабарсиз бўлганини таъкидламоқда.
Ҳозирча ҳолат юзасидан расмий идоралар томонидан баёнот берилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас