Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Иккинчи жаҳон уруши даврида Жерси оролида нацистлар асирлигидан қочган ўзбекистонлик Боқижон Акрамовнинг оилавий сири ва уни қутқариб қолган инглиз оиласи билан боғлиқ тафсилотлар орадан узоқ вақт ўтиб очиқланди. Британиянинг BBC телерадиокомпанияси ўтказган кўп йиллик суриштирувлар натижасида собиқ асирнинг шахси аниқланиб, унинг Наманган вилоятида яшаётган авлодлари топилган.
Мазкур тарихий адолатни тиклаш ва инсонийлик фазилатларини улуғлаш мақсадида Ўзбекистон Президентининг фармони билан Боқижон Акрамовни икки йил давомида ўз уйида яшириб, ҳаётини сақлаб қолган Британия фуқаролари — марҳум Жон ва Филлис Эмили Ле Бретонлар вафотидан сўнг "Дўстлик" ордени билан тақдирланган.
Олга Ившина муаллифлигидаги суриштирувда қайд этилишича, Боқижон Акрамов 1943 йилда Жерсидаги мажбурий меҳнат лагеридан қочиб, маҳаллий фермерлар Ле Бретонлар хонадонидан паноҳ топган. Ўша вақтда совет асирларини яшириш ўлим хавфини туғдирса-да, инглиз оиласи уни икки йил давомида ўз фарзандларидек парвариш қилган. 1945 йилда орол озод этилгач, Акрамов ватанига қайтган.
Бироқ шўролар давридаги сиёсий чекловлар туфайли унинг кейинги тақдири ва қутқарувчилари билан алоқаси узилиб қолганди. Намангандаги заводлардан бирида оддий боғбон бўлиб ишлаган Боқижон Акрамовнинг шахси BBC журналистлари томонидан архив ҳужжатлари ва фотосуратлар орқали тасдиқланган. Ҳозирда Британияда истиқомат қилаётган фермерларнинг қизи Далси Ле Бретон ва Акрамовнинг Ўзбекистондаги набиралари ўртасида видеоалоқа ташкил этилиб, давлат мукофоти ўз эгаларига топширилиши белгиланган.

Изоҳлар мавжуд емас