Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Мухбиримиз хабар беришича, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Бангладеш фуқароларига Ўзбекистонда ишлаш учун рухсатнома бермаганлигини билдирган.
Эслатиб ўтамизки, кеча Бангладешдан қарийб 900 нафар меҳнат мигрантлари Ўзбекистонга келиши, уларни Қаршидаги инжиниринг компанияси ёллаганлиги маълум бўлган эди. Бангладешнинг Daily Star газетаси маълумотларига кўра, улардан 239 нафари мамлакатга махсус рейс билан етиб келишган.
Бу хабар Ўзбекистонда жиддий шов-шувларга сабаб бўлди. Кўплаб фойдаланувчилар пандемия туфайли давлатда кўплаб ишсизлар борлигига қарамай, кўп сонли мигрантларни таклиф қилиш нега керак, деб таажжубланишмоқда.
Бу қарорни Олий мажлис Қонунчилик палатаси Нодир Тиллаволдиев ҳам танқид қилиб, бундай мураккаб бир шароитда ўзбекистонликларни иш билан таъминлашга эътибор қаратиш лозимлиги таъкидлаган.
Вазирликнинг билдиришича, президентнинг 2009 йил 15 октябрдагии қарорига кўра, “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва “Uzbekistan GTL” масъулияти чекланган жамияти буюртмалари асосида хорижий мутахассисларни ўрнатилган тартибда жалб қилишлари мумкин. Иш берувчи чет эл фуқаросига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани олиш мақсадида Ташқи меҳнат миграция агентлигига мурожаат қилиш лозим.
“Лекин шу кунгача “Ўзбекнефтегаз” АЖ, “Uzbekistan GTL” ёки лойиҳа бош пудратчиси, “ENTER Engineering Pte. Ltd.” компанияси мазкур тасдиқномани олиш учун мурожаат қилмаган”, -дея маълум қилмоқда вазирлик.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва “ENTER Engineering Pte. Ltd.” компанияси, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигидан жалб қилинаётган хорижий иш кучи тўғрисида сўров юборган.
Изоҳлар мавжуд емас