Загрузка
Загрузка
Бобур кўчасидаги 7-уй атрофида яна жанжал авж олди: бинонинг тақдири нима бўлади?
Жамият

Бобур кўчасидаги 7-уй атрофида яна жанжал авж олди: бинонинг тақдири нима бўлади?

19
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.Тошкентнинг Яккасарой туманидаги Бобур кўчаси, 7-уйнинг тақдири яна муҳокама марказига чиқди. Бунга 4 сентябрга белгиланган суд мажлиси сабаб бўлди. Унда Jemchug House компаниясининг уй аҳолисидан бирини мажбурий кўчириш ҳақидаги даъвоси кўриб чиқилади.

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар фонида Маданий мерос агентлиги мазкур бинонинг маданий мерос объекти мақоми сақланиб қолаётгани ва у давлат муҳофазасида эканини маълум қилди.

Агентликка кўра, 2026 йил 5 август куни уйни маданий мерос объекти мақомидан маҳрум қилиш ҳақида навбатдаги мурожаат келиб тушган. 19 август куни мурожаатчиларга рад жавоби берилган. Бунга амалдаги қонунчиликда бинони маданий мерос объекти мақомидан чиқариш учун назарда тутилган асослар мавжуд эмаслиги сабаб бўлган.

"Агентликнинг позицияси аниқ: мазкур бинонинг маданий мерос объекти сифатидаги мақоми сақланиб қолади. У давлат муҳофазасида ва уни қонунга хилоф равишда бузиш, вайрон қилиш ёки ўзгартиришга бўлган ҳар қандай уринишлар қонунда белгиланган тартибда тўхтатилади", — деди Маданий мерос агентлиги директори биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов.

Уйнинг тарихи

Бобур кўчасидаги 7-уй 1936 йилда қурилган. У дастлаб давлат муҳофазасига олинган бўлса-да, 2007 йил август ойида ўша пайтдаги Тошкент шаҳар ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев қарори билан Маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатидан чиқарилган. Ўша вақтда рўйхатдан яна 303 та бино ҳам чиқарилган.

2018 йил октябрь ойида уй жойлашган ер участкаси бинодан аҳолини кўчириш ва уларга компенсация тўлаш шарти билан уни бузиб, ўрнига янги кўп қаватли уй қуриш учун Universal Packing Masters компаниясига берилган. Кейинчалик қурилиш ҳуқуқи Jemchug House компаниясига ўтган.

Шундан сўнг аксарият аҳоли бошқа жойга кўчирилган. Бироқ мулкдорларнинг бир қисми уйни бузишга қарши чиқиб, унинг муҳофаза мақомини тиклашни талаб қилган.

2020 йил октябрь ойида Маданият вазирлиги 7-уй Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрига киритилгани ва архитектура ёдгорлиги сифатида эътироф этилганини маълум қилган.

2021 йил бошида Тошкент шаҳарлараро маъмурий суди 2007 йилда бинога берилган маданий мерос объекти мақомини бекор қилиш ҳақидаги қарорни ҳақиқий эмас, деб топган. Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамаси 7-уйни 332-1 рақами билан Маданий мерос объектларининг Миллий рўйхатига қайта киритган. Кейинчалик бино фасадига расмий муҳофаза лавҳаси ўрнатилган.

Шу тариқа, ҳозирда 7-уй маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасида қолмоқда.

Нега бино муҳим?

Уйнинг алоҳида аҳамияти унинг меъмори — таниқли совет меъмори Алексей Щусев номи билан боғлиқ. Унинг лойиҳалари асосида Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри ва Москвадаги Қизил майдонда жойлашган Ленин мақбараси каби иншоотлар барпо этилган.

7-уй пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, мустаҳкам ёғоч тўсинли ёпма ва металл қия томга эга. Бино меъморлигида конструктивизм ва сталин даври классицизми элементлари уйғунлашган.

Уйнинг қадр-қиммати нафақат унинг меъморий хусусиятлари, балки XX аср биринчи ярмига оид тарихий шаҳарсозлик ансамбли таркибида экани билан ҳам боғлиқ.

Атроф ҳудуд ҳам эътиборда

Жамоатчилик хавотирига нафақат уйнинг бузилиши эҳтимоли, балки унга туташ ҳудуднинг сақланиши масаласи ҳам сабаб бўлмоқда.

Хусусан, 2026 йил май ойида бино яқинида Magistral Engineering Communications компанияси томонидан олиб борилган ноқонуний ер ишлари тўхтатилган. Компания оғир техникадан фойдаланиб, электр кабели ўтказган. Бу жараёнда бир нечта кўп йиллик дарахтларнинг илдиз тизимига зарар етказилган.

Экология инспекцияси текшируви якунларига кўра, компаниянинг масъул шахсига 10,3 миллион сўм жарима солинган. Ўсимлик дунёсига етказилган зарар эса 6,59 миллион сўм деб баҳоланган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...