Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилояти божхона бошқармасининг "Навоий" чегара божхона постида Ўзбекистондан 240 минг долларни ноқонуний олиб чиқишга уринишнинг олди олинди. Қўшни давлатнинг икки фуқароси божхона назоратидан яшириш ва декларациялашдан қочиш мақсадида валютани оёқларига скотч билан ўраб олишган.
Божхона хизматининг маълум қилишича, аёллардан бири 80 минг доллар, иккинчиси эса 160 минг долларни олиб чиқишга уринган. Божхона органлари ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда улар тўхтатилди.
Ҳозирда чет эл валютасини ноқонуний олиб чиқишга уриниш ҳолати юзасидан зарур текширув тадбирлари ўтказилмоқда, уларнинг якунига кўра, қўлга олинганларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Эслатиб ўтамизки, аввалроқ Ўзбекистонда нақд миллий ва хорижий валютани олиб чиқиш учун божхона декларациясини тўлдириш талаб этиладиган чегарани 10 минг доллар эквивалентигача ошириш режалаштирилаётгани хабар қилинганди. Ҳозирда декларация расмийлаштирмасдан 100 миллион сўмгача - тахминан 8,4 минг долларни олиб чиқиш мумкин.

Изоҳлар мавжуд емас