Загрузка
Загрузка
АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси 2027 йилда ҳам давом этиши мумкин
Дунё

АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий операцияси 2027 йилда ҳам давом этиши мумкин

18
Загрузка
Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  АҚШ Пентагони Яқин Шарқдаги ҳарбий контингентнинг жойлашув муддатини 2027 йилгача узайтирмоқда. Бу Вашингтон Эронга қарши бошлаган ҳарбий ҳаракатлар узоқ давом этиши мумкинлигини ҳисобга олаётганини кўрсатади.

Айни пайтда Яқин Шарқда қарийб 50 минг нафар АҚШ ҳарбий хизматчиси қолмоқда. Минтақада АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг 19 та кемаси, жумладан, икки авианосец ва 13 та бошқариладиган ракета эсминецлари, шунингдек, қирувчи самолётлар эскадрильялари, ҳаво мудофааси бўлинмалари ва десантчилар жойлашган.

Пентагон раҳбари Пит Ҳегсет айрим ҳарбий бўлинмаларнинг одатий хизмат муддатини ҳам узайтирмоқда. Масалан, Эрон ракеталари ва дронларидан АҚШ базаларини ҳимоя қилаётган ҳаво мудофааси бўлинмаларининг хизмат муддати аввалги тўққиз ойдан 12 ойгача оширилган. Айрим Европа ва Тинч океани минтақасидан юборилган бўлинмалар эса Яқин Шарқда бир йилдан ортиқ вақтдан бери қолмоқда.

Бундай узайтиришлар АҚШ армиясида жиддий хавотирларни келтириб чиқармоқда. Бир қатор юқори мартабали ҳарбий раҳбарлар Эронга қарши операцияни узоқ давом эттириш ҳарбий техникага техник хизмат кўрсатишни кечиктириши, шахсий таркибни чарчатиши ва АҚШнинг бошқа минтақалардаги ҳарбий имкониятларини заифлаштириши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Айниқса, АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларига тушаётган юк ортиб бормоқда. 19 та ҳарбий кема минтақада фаолият юритаётган бир пайтда айрим кемалар экипажлари бир неча ой давомида денгизда қолмоқда. АҚШ ҳарбий раҳбарияти бу ҳолат кемаларга техник хизмат кўрсатиш ва флотнинг кейинги операцияларга тайёргарлигига салбий таъсир қилиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Шу билан бирга, АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларни якунланган деб эълон қилиш имкониятини ҳам муҳокама қилмоқда. WSJ манбаларига кўра, Трамп Теҳронга нисбатан иқтисодий босимни кучайтириш орқали АҚШ мақсадларига эришиш мумкин, деб ҳисобламоқда.

Бироқ Вашингтон Яқин Шарқда катта ҳарбий куч сақлаб қолмоқда. Бу Трампга ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш, чекланган операциялар ўтказиш ёки зарурат туғилса, тўқнашувни янада кенгайтириш имконини сақлаб қолиш мақсадида амалга оширилаётгани айтилмоқда.

Қайд этилишича, Трампга Эронга қарши эҳтимолий кейинги операциялар, жумладан, ҳаво зарбаларини кучайтириш ва Ҳўрмуз бўғозидаги айрим стратегик ҳудудларни эгаллашга қаратилган сценарийлар ҳам тақдим этилган. Шу сабабли АҚШ ҳарбийлари минтақада катта ҳужум салоҳиятини сақлаб турибди.

Айни пайтда АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршилик давом этмоқда. Сўнгги кунларда АҚШ Эроннинг ҳаво мудофааси, радарлари ва Ҳурмуз бўғозида мина қўйиш имкониятларига зарбалар берганди. Эрон эса АҚШнинг минтақадаги объектларига ракета ва дронлар билан жавоб зарбалари берган эди.

Шундай қилиб, Вашингтон бир томондан урушни якунлаш ва Эронга иқтисодий босим орқали мақсадларига эришиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Иккинчи томондан эса Пентагон қўшинларни 2027 йилгача минтақада сақлаш орқали ҳарбий ҳаракатлар узоқ давом этиши эҳтимолига тайёргарлик кўрмоқда.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...