Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда яқин орада 86та мехмонхона ишга туширилади.
"Мамлакатда 86га яқин меҳмонхонани ишга туширишга тайёргарлик кўрилмоқда. Уларнинг қурилиши якуний босқичда турибди. Улар орасида Hilton каби дунёнинг етакчи брендлари ҳам бор. Шунингдек, Япония ва Европа брендлари ҳам мавжуд. Бу асосан, уч ва тўрт юлдузли меҳмонхоналар бўлади. Вилоятларда ҳам меҳмонхоналарга катта эҳтиёж бор", - деди Бош вазир ўринбосари.
Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, янги меҳмонхоналар сонининг бундай тез ўсиши давлат томонидан берилаётган имтиёзларга боғлиқ.
"Давлат бюджетидан инвесторлар ва ташкилотларга меҳмонхона қурилиши ва жиҳозлари қийматининг бир қисмини қоплаш учун маблағлар ажратилади. 3 юлдузли меҳмонхоналардаги хона учун 40 миллион сўм, 4 юлдузли меҳмонхоналардаги хона учун 65 млн. сўм берилади. Субсидия 2019 йилнинг 5 январидан 2022 йил 1 январига қадар фойдаланишга топшириладиган меҳмонхоналар учун ажратилади. Субсидия олиш учун инвестор тегишли ҳужжатлар билан Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитасига мурожаат қилиши мумкин", - дея таъкидлади у.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари биргина Тошкентда 120-150 хонага эга бўлган камида 10-15 та меҳмонхона қуришга зарурати борлигини ҳам айтиб ўтди.
"Уларнинг тўлдирилишида ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Биз ҳозир ички туризмни, шунингдек, зиёрат туризмини фаол ривожлантирмоқдамиз", - дея таъкидлади у.
Эслатиб ўтамиз, Азиз Абдухакимов маҳаллий сайёҳлар учун ҳаво ва темир йўл чипталарига 30 фоизлик чегирманинг жорий қилинишини эълон қилган эди.
Изоҳлар мавжуд емас