Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда ёш кадрларни давлат хизматига жалб қилиш, танлов жараёнларида адолат ва ягона ёндашувни таъминлашга қаратилган янги тартиб тасдиқланди. 2026 йил 1 июлдан бошлаб соҳада коррупцион хавфларни камайтирувчи ва ёшлар имкониятларини кенгайтирувчи қатор янгиликлар кучга киради.
Янги тартибга кўра, суҳбат босқичида номзодларга бериладиган саволлар ёки топшириқлар давлат органининг расмий веб-сайтида камида бир ой олдин эълон қилиниши шарт. Белгиланган муддатда эълон қилинмаган саволларни номзодларга бериш қатъиян тақиқланади. Бу чора суҳбат жараёнидаги субъектив ёндашувларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Иш стажи бўйича талабларнинг юмшатилиши Давлат хизматидаги айрим лавозимлар учун иш стажи бўйича чекловлар қайта кўриб чиқилади. Маълум тоифадаги лавозимларга ишга қабул қилишда номзодларга нисбатан умумий ёки махсус иш стажи талаби бутунлай бекор қилинади.
Бошқа бир қатор лавозимлар учун эса иш стажи талаби кўпи билан 2 йил этиб белгиланади. Бу ўзгариш олийгоҳни янги битирган, бироқ тажрибаси бўлмаган иқтидорли ёшларнинг тизимга кириб келишини осонлаштиради.
Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касблар реестри шакллантирилиб, ушбу йўналишлар бўйича миллий сертификациялаш тизими йўлга қўйилади. Эътиборли жиҳати, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар учун бир қатор имтиёзлар берилади. Давлат таъминотидаги ва камбағал оилалар фарзандларига ўқиш ва имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Камбағаллик чегарасидаги оилалар фарзандларига эса имтиҳон топшириш харажатлари "Ёшлар дафтари" жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилади.
Ушбу ислоҳотлар давлат хизматини ёшлар учун жозибадор қилиш ва ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Изоҳлар мавжуд емас